2026 йил 14 январь куни Тошкент шаҳрида «ILM NURI MARKAZI» жамоат бирлашмаси Ўзбекистонда гендер индекслари бўйича олиб борилган тадқиқот натижаларига бағишланган давра суҳбатини ўтказди. Тадбир доирасида мамлакатда илк бор Гендер ривожланиш индекси (GDI) ва Гендер тенгсизлик индекси (GII)нинг рақамли кўрсаткичларини акс эттирувчи интерактив харита яратилгани эълон қилинди.
БМТ Тараққиёт дастури (ПРООН) методологияси асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди кўмагида амалга оширилган мазкур тадқиқот илк маротаба гендер индексларини ҳудудий даражада таҳлил қилиб, аёллар ва эркакларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик ва иқтисодий фаоллик соҳаларидаги ҳудудий фарқларини аниқлаб берди.
Тадбир иштирокчилари — давлат органлари вакиллари, экспертлар, илмий жамоа, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари- гендер кўрсаткичларининг рақамли интерактив харитасидан ҳудудий даражада манзилли гендер сиёсатини ишлаб чиқиш, шунингдек, 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижросини мониторинг қилишда самарали восита сифатида фойдаланиш муҳимлигини таъкидладилар.
«Sharq ayoli» Халқаро аёллар жамғармаси «ILM NURI» маркази жамоат бирлашмасининг профессионал жамоасини грант лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириб, Ўзбекистонда барқарор ривожланиш ва гендер тенгликни илгари суришда муҳим аҳамиятга эга бўлган мустақил интерактив рақамли гендер кўрсаткичлари харитасини яратгани билан табриклайди.
Саодат Турсунбаева
Фонд раиси

Отправить комментарий