Ўзбекистонда 30 ёшдан ошган аёллар учун мобиль рақамли маммоскринингнинг янги формати йўлга қўйилмоқда
Қибрай туманида хайрия профилактик скрининг акцияси ўтказилди
Қибрай туманида 30 ёшдан ошган аёллар учун профилактик скринингнинг янги модели тақдим этилди. Унда нурланишдан фойдаланмайдиган кўчма электроимпеданс компьютер маммографи —МЭИК ҳамда замонавий масофавий диагностика технологияларидан фойдаланилди.
Лойиҳа «Рақамли скрининг — 30+» стартапи доирасида амалга оширилмоқда.
2026 йил 24–25 август кунлари Тошкент вилояти Қибрай туманида кардиологик скрининг билан бирлаштирилган профилактик маммоскрининг бўйича хайрия акцияси ўтказилди. Тадбир Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария ёрдами имкониятлари ва Россия мутахассисларининг илғор тажрибасини бирлаштирди.
Скрининг натижалари соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси Эльмира Баситханова бошчилигида профиль шифокорлари иштирок этди.
Давра суҳбатида скрининг натижалари бўйича тақдимот билан Соседова Нелли Александровна — шифокор-биофизик, тиббий кибернетика мутахассиси, МЭИК маммографини ишлаб чиқишда иштирок этган мутахассислардан бири, «Формед» компаниялар гуруҳи бош директори, портатив маммограф ишлаб чиқарувчиси иштирок этди.
Сунъий интеллект ва нурланишсиз диагностика
Стартапнинг асосий хусусияти — сунъий интеллект алгоритмлари билан жиҳозланган, рентген нурланишидан фойдаланмайдиган Россияда ишлаб чиқарилган МЭИК портатив маммографидан фойдаланиш.
Ушбу технологиянинг ихчамлиги ва кўчма форматда ишлаши текширувларни нафақат тиббий муассасаларда, балки маҳаллаларда, корхоналарда ва қишлоқ ҳудудларида ҳам ташкил этиш имконини беради.
Қибрай туманида биринчи марта кўкрак безлари ҳолатини баҳолаш билан бир қаторда юрак-қон томир тизими хавф омилларини аниқлашни ўз ичига олган интеграциялашган скрининг формати тақдим этилди.
Россиялик мутахассислар мобил диагностика, телемедицина ва натижаларни масофадан баҳолаш ҳамда шифокор қарорларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи рақамли тизимлар имкониятларини намойиш этдилар.
Кардиоскринингнинг янги имкониятлари
Янги кардиоскрининг имкониятлари ҳақида Кобякова Екатерина Алексеевна — шифокор-онколог, Н. А. Семашко номидаги Миллий жамоат саломатлиги илмий-тадқиқот институти директори маслаҳатчиси, «ЭРНА» компанияси таъсисчиси, сунъий интеллект асосида кардиограммаларни автоматик таҳлил қилиш технологиясини ишлаб чиқувчи мутахассис тақдимот қилди.
У юрак-қон томир тизимини нафақат аёлларда диагностика қилиш, балки ҳомиладор аёлларда ҳомила юрак уришини мониторинг қилиш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Ҳомила гипоксияси жиддий асоратлар, жумладан, болалар церебрал фалажи ривожланиши хавфини ошириши мумкин. Тақдим этилган замонавий технологиялар бугун Ўзбекистонда ҳам қўлланиш имконига эга.
Бугунги кунда юрак-қон томир тизимидаги айрим патологик ҳолатлар ва кўкрак бези касалликлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, юрак-қон томир тизими ва кўкрак безлари ҳолатини комплекс баҳолаш аёлнинг нафақат ҳозирги ҳолатини аниқлаш, балки хавф гуруҳини белгилаш ва касаллик ривожланишидан олдин профилактик чораларни кўриш имконини беради.
«Рақамли маммоскрининг» — Ўзбекистонда янги ташаббус
Сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда кўкрак безлари ва юрак-қон томир тизимини комплекс скринингдан ўтказишга қаратилган ушбу ёндашув Ўзбекистонда илк бор жорий этилаётган замонавий профилактик технологиялардан биридир.
«Рақамли маммоскрининг» стартапи ташаббуси 2025 йилда «SHARQ AYOLI» Халқаро аёллар жамоат фонди томонидан Тошкент давлат тиббиёт университетининг акушерлик ва гинекология кафедраси ҳамда «ФорМед» компанияси билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида илгари сурилди.
Фонд раиси Саодат Турсунбаева ўз чиқишида аёлларни ёшликданоқ ўз саломатлигига эътиборли бўлишга чақириш, профилактик скринингдан мунтазам ўтиб туриш соғлиқни сақлаш тизимига тушадиган юкламани умуман камайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
«Бугун онкологик касалликларнинг эрта босқичларини даволаш бутун дунёда одатий тиббий амалиётга айланган. Бу — ҳукм эмас. Энг муҳими, касалликни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашдир», -деди Саодат Турсунбаева.
Лойиҳа доирасидаги натижалар
Стартап доирасида бир қатор хайрия акциялари ўтказилди:
Тошкент вилояти Зангиота тумани кўп тармоқли клиникаси базасида — 88 нафар аёл;
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги хусусий клиникалар базасида — 57 нафар аёл;
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида — 50 нафар аёл профилактик маммоскринингдан ўтказилди.
Жами 5 нафар акушер-гинеколог шифокор ва 4 нафар акушерка ушбу технологиялар бўйича махсус ўқитилди ва скрининг жараёнларини мустақил равишда амалга оширдилар.
Текширувлар давомида 5 нафар аёлда қўшимча текширувни зудлик билан ўтказишни талаб қилувчи ҳолатлар аниқланиб, уларга кейинги диагностика учун йўлланмалар берилди.
Шунингдек, шикоятлари мавжуд бўлган 1 нафар ҳомиладор ва 1 нафар эмизикли аёл ҳам текширувдан ўтказилди.
Скринингдан ўтган аёллар текширувнинг қулайлиги ва тезкорлигини юқори баҳолаб, тиббий хизматни уйларига яқин ҳудудда олиш имконияти учун шифокорлар ва лойиҳа ташкилотчиларига миннатдорлик билдирдилар.
Мобиль скрининг -тиббий хизматни аёлга яқинлаштириш
Лойиҳанинг асосий афзаллиги — тиббий ёрдамни аёлнинг ўзига яқинлаштиришдир.
Бирламчи кўрик ва текширувларни ўрта тиббий ходимлар амалга оширади, шифокорлар эса телемедицина орқали масофадан туриб жараёнга уланишлари мумкин. Сунъий интеллект алгоритмлари шубҳали ҳолатларни ажратиб кўрсатиш ва кейинги врачлик қарорини қабул қилишда қўшимча ёрдамчи восита сифатида хизмат қилади.
Бу ёндашув пойтахтда, туман марказида ёки олис қишлоқ ҳудудида яшашидан қатъи назар, ҳар бир аёл учун профилактик тиббий кўрикдан ўтиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Қибрай туманидаги пилот скрининг доирасида 88 нафар аёл бепул маммоскринингдан ва 69 нафар бемор кардиологик скринингдан ўтказилди.
МЭИК аппаратининг хавфсизлиги, фойдаланишдаги соддалиги ва текширув жараёнининг тезкорлиги иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Кейинги қадам
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига 30 ёшдан ошган аёллар учун профилактик маммоскринингнинг оммавий дастурини йўлга қўйиш, мобиль диагностик технологияларни мамлакат ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича ташаббус киритиш таклиф этилди.
Ушбу ташаббус аёлларни замонавий профилактика, эрта диагностика ва саломатликни асраш технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган «Аёллар учун 360 имконият» дастурининг амалий йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.
Лойиҳанинг бош ғояси — профилактик тиббий хизматни аёл учун янада яқин, қулай ва оммабоп қилиш. Аёл қаерда — пойтахтдами, туман марказидами ёки олис қишлоқдами — яшашидан қатъи назар, замонавий скринингдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.
Сайёра Отабоева



Отправить комментарий