Сейчас загружается

ШҲТ мамлакатлари халқларининг тўй анъаналари мавзусида танлов ўтказилди

Марказ томонидан ШҲТ халқларининг маданий мероси ва бой анъаналарини тарғиб қилиш мақсадида жорий йилнинг 8 январь куни Тошкент шаҳридаги 145-сонли мактаб билан ҳамкорликда “ШҲТ мамлакатлари халқларининг тўй анъаналари” мавзусидаги ижодий танлов ўтказилди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад эса ШҲТга аъзо давлатларнинг бой тарихий ва маданий хилма-хиллигини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ва бу орқали халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришдан иборат.

Шубҳасиз, миллий куй-қўшиқлар, либослар, маросимлар ва тўйга оид турли урф-одатлар ҳақида ҳикоя қилувчи ижодий ишлар тадбир иштирокчилари ва ҳакамлар ҳайъатида катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар — Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Эрон, Ҳиндистон, Белоруссия ва Покистоннинг тўй анъаналаридан парчалар, тақдимотлар намойиш этилди. Иштирокчилар турли халқлар миллий тўй анъаналарини ижодий ишлар орқали кенг кўламда намойиш этдилар.

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров ўзаро мулоқот, ҳурмат ва ҳамкорликка асосланган халқ дипломатияси мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда самарали восита бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу каби танловлар ёшларда нафақат турли халқларнинг маданиятини ўрганиш, балки ўзларини умумий мақсад ва қадриятлар йўлида бирлашган жамиятнинг бир аъзоси сифатида ҳис қилишлари учун замин бўлиб хизмат қилишига алоҳида тўхталиб ўтди.

Танлов якунида барча иштирокчилар сертификат ва марказ томонидан тайёрланган махсус совғалар билан тақдирландилар. Уларнинг ижодий ишлари ШҲТнинг турли платформаларида намойиш этилиши режалаштирилди.

Тадбир нафақат миллий анъаналарни кенг оммага таништириш, балки янги маданий лойиҳалар учун замин яратиш вазифасини ҳам бажаради. Шунингдек, у халқларни янада яқинлаштиришда ва маданий мулоқотга ҳисса қўшишда муҳим қадамлардан бири бўлди. Шуни таъкидлаш керакки, бу каби тадбирлар ёшлар ўртасида маданий алмашинув воситаси бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати

Отправить комментарий

Возможно, вы пропустили