Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 240 нафар ўқувчига мўлжалланган 24-сонли давлат умумий ўрта таълим мактабининг янги, замонавий биноси барпо этилди.
Мактабнинг тантанали очилиш маросими 2026 йил 29 август куни бўлиб ўтди. Ушбу воқеа фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар ва давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунасига айланди.
24-сонли мактабнинг янги биноси қурилиши 2025 йил сентябрь ойида «SHARQ AYOLI» Халқаро аёллар жамоат фонди ва Кореянинг «Good Neighbors International» фонди ўртасидаги грант лойиҳаси доирасида бошланган эди.
Лойиҳанинг ишчи гуруҳига «SHARQ AYOLI» жамғармаси раиси Саодат Турсунбоева бошчилик қилди. «Good Neighbors International» фонди томонидан эса лойиҳа учун жаноб Минчол Пак (Mincheol Park) масъул бўлди.
Қурилишнинг биринчи босқичига «SHARQ AYOLI» жамғармаси томонидан 1 миллиард сўм миқдорида грант маблағлари йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан бинонинг пойдеворидан тортиб томигача бўлган қурилиш ишлари амалга оширилди.
Мактаб қурилишининг кейинги босқичлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак бошчилигидаги Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси ҳамда Оққўрғон тумани ҳокимлиги иштирокида якунланди.
Лойиҳага йўналтирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 4 миллиард сўмни ташкил этди.
Ушбу 24-сонли мактаб 1950-йилларнинг охирида қурилган, фойдаланиш муддатини тўлиқ ўтаб бўлган бинода жойлашган эди. Янги бинонинг барпо этилиши ўқувчилар учун ёруғ, замонавий жиҳозланган синфхоналарда қулай шароитларда таълим олиш имкониятини яратди.
49 та мактабни қамраб олган Оққўрғон тумани учун мазкур таълим муассасасининг грант маблағлари ҳисобидан янгидан барпо этилиши муҳим воқеа бўлди.
«SHARQ AYOLI» жамғармаси қишлоқ мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни мунтазам равишда амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, Россиянинг «РГМ» автоном нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда қуйидаги ташаббуслар амалга оширилди:
Қорақалпоғистондаги иккита ихтисослаштирилган интернатда ҳамда Зомин туманидаги Аччи қишлоғи мактабида қуввати 12 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди.
Зангиота, Зомин, Балиқчи ва Тўрақўрғон туманлари, шунингдек, Жиззах ва Бухоро шаҳарларидаги мактабларда 11 та рус тили синфхонаси таъмирланди ва замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Тошкент шаҳридаги 180-сонли мактабга 12 та электрон доска ва демонстрацион панель, 94-сонли мактабга эса анжуманлар зали учун замонавий техник жиҳозлар топширилди.
Бугунги кунда жамғарма томонидан таълим соҳасини рақамлаштиришга қаратилган «Рақамли мактаб» лойиҳаси ҳам йўлга қўйилган.
Х.Мирсоатова



Отправить комментарий